IJTIMOIY TARMOQLAR FAOLIYATINI TARTIBGA SOLISH: XORIJ TAJRIBASI

2022-01-17T14:57:58+03:00
Ergashev Zafar Sayfullo o‘g‘li
Adliya vazirligi huzuridagi Huquqiy siyosat tadqiqot institutining mas’ul xodimi
Ключевые слова:
Аннотация:

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Digital 2020 July Global Statshotнинг 2020 йил июль ойидаги ҳисоботига кўра, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони дунё миқёсида 3.96 млрд кишини ташкил этади. Бу дунё аҳолисининг ярмидан кўпи ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини англатади. Табиийки, ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солиш тобора долзарб аҳамият касб этиб боради.

Маълумот учун: Merriam Webster изоҳли луғатида ижтимоий тармоқ (инглизча social media yoki social networking site) деганда ғоялар, шахсий хабарлар ва бошқа ахборотларни тарқатадиган онлайн жамоаларни ташкил этишга мўлжалланган электрон алоқа шакллари тушунилган.

Қисқача, ижтимоий тармоқ – бу шахслараро муносабатларни яратиш ва сақлашга мўлжалланган онлайн хизмат ёки сайт (платформа).

Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сонининг ошиб бориши айниқса ёшларнинг Youtube, Facebook, Telegram каби хорижий ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш даражасининг юқорилиги ушбу тармоқлардаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда шахс ҳуқуқ ва эркинлиги, жамият ва давлат манфаатларини таъминлаш масалаларини такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқаради.

 

Маълумот учун: Digital 2020 ҳисоботига кўра, Узбекистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 2020 йил январида 3.20 млн нафарни ташкил этган. Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг ошиши 2020 йил январ ойида 9,6% ни ташкил этган.

Бироқ, Ўзбекистон қонунчилигида мамлакат ҳудудидаги шахслар-нинг хорижий ижтимоий тармоқлардан фойдаланишида юзага келадиган шахс-давлат-жамият манфаатларини муҳофаза қилиш механизми аниқ белгиланмаган.

Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасида веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер амал қилиши лозим бўлган бир қанча мажбуриятлар назарда тутилган бўлиб, ушбу мажбуриятларга ўзбекистонлик фойдаланувчилар мавжуд бўлган хорижий ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи ёки уларни бошқарувчи компаниялар ҳам (кейинги ўринларда хорижий ижтимоий тармоқ мулкдори) амал қилиши талаб этилади.

Юқоридаги мажбуриятларга амал қилмаслик мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланишнинг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан чекланишига сабаб бўлади. Қонунчиликда бошқача тартибда жавобгарликка тортиш механизмлари мавжуд эмас.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилиши тақиқланган сайтларга қўйилган чекловларни “ВПН” электрон қурилмаси орқали четлаб ўтиш мумкин. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ижтимоий тармоқларни қонуний чеклаш механизми амалиётда самарали эмас ҳамда уни замон талабига мослаштириш талаб этилади.

Хориж тажрибаси

Ривожланган хорижий давлатлар ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солишда ўзига хос тажрибага эга. Жумладан, 2020 йилда Туркияда 2007 йилда қабул қилинган “Интернетдаги материалларни тартибга солиш ва ушбу материаллар воситасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритилди. Янги ўзгартиришлар давлат раҳбари Ражаб Таййиб Эрдуғаннинг таклифи билан ишлаб чиқилган.

Ислоҳотлар қуйидагилардан иборат:

  • Facebook, Twitter ва Youtube каби кундалик фойдаланувчилари 1 млндан ортиқ бўлган ижтимоий тармоқ мулкдорларининг Туркияда ваколатхоналарини очиши талаб этилади.
  • Ушбу ижтимоий тармоқ мулкдорлари ижтимоий тармоқ фойда-ланувчиларининг маълумотлар базасини Туркияда ташкил этиши лозим.
  • Ижтимоий тармоқ мулкдорлари давлат органларининг ноқонуний материалларни олиб ташлаш талабини тегишли тарзда амалга ошириши лозим.
  • Ушбу талаб 48 соат ичида бажарилмаса, ижтимоий тармоқ мулкдори 700 минг АҚШ долларидан кўпроқ миқдордаги жаримага тортилади.
  • Фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олиб ташланиши юзасидан судга даъво қилиш тартиби жорий этилди[1].

Германияда 2017 йилда “Тармоқларни муҳофаза қилиш тўғри-сида”ги Қонун (Netzwerkdurchsetzungsgesetz) қабул қилинди. Ушбу Қонун 2 млндан ошиқ фойдаланувчиси бўлган барча ижтимоий тармоқ-ларга нисбатан тадбиқ этилади. Мазкур Қонунга кўра, фойдаланувчи томонидан зўравонлик таҳдиди ёки тухмат мазмунидаги ахборотлар юзасидан шикоят берилиши билан ушбу ахборотлар 24 соат ичида интернет саҳифасидан олиб ташланиши лозим. Ижтимоий тармоқ мулк-дорлари олиб ташланган ноқонуний ахборотлар юзасидан ярим йиллик ҳисобот тузиши талаб этилади. Агарда шикоятларни кўриб чиқиш муддатларига амал қилинмаса, ижтимоий тармоқ мулкдори 50 млн евро миқдоридаги жаримага тортилади.

2020 йилда ушбу Қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

  • Ижтимоий тармоқ мулкдори фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқ саҳифасида ноқонуний ахборотлар юзасидан бевосита шикоят қилиш имкониятини тақдим этиши лозим.
  • Ижтимоий тармоқ мулкдори ноқонуний ахборотни олиб ташла-масликка қарор қилганда, фойдаланувчи ушбу қарор юзасидан аппеляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
  • Ижтимоий тармоқ мулкдори ижтимоий тармоқда содир этилаётган жиноятлар тўғрисида Германия федерал жиноят полициясига хабар бериши лозим.
  • Интернетда жойлаштирилган жиноий таҳдид ва ҳақорат қилиш мазмунидаги ахборот юзасидан судга мурожаат қилган шахс ушбу ноқонуний ахборотлар қаердан келганлигини аниқлаш имконига эга бўлиши лозим.
  • Ижтимоий тармоқ мулкдори суд рухсати билан фойдаланувчининг шахсига оид маълумотларни ошкор этиши лозим.

Германия Адлия вазири Кристина Ламбрехт сўзларига қараганда, ушбу ислоҳотлар орқали ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланади[2].

Францияда ҳам Германия тажрибасига асосланган ҳолда “Интер-нетдаги адоватга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун (Fight against hatred on the internet) қабул қилинди. Ушбу Қонун ижтимоий тармоқларда адоват қўзғашга қарши қаратилган ҳамда қуйидаги нормаларни ўз ичига олган:

  • Ижтимоий тармоқ мулкдори 24 соат ичида фойдаланувчи ижти-моий тармоқ саҳифасига жойлаштирган ахборотни текшириши ҳамда ноқонуний деб топилса, олиб ташлаши лозим. Терроризм ёки вояга етма-ганлар порнографияси тўғрисидаги ахборотларни олиб ташлаш муддати бир соат этиб белгиланган.
  • Ижтимоий тармоқ мулкдори ижтимоий тармоқда ноқонуний ахборот ҳақида тегишли ижтимоий тармоқ операторига хабар бериш имкониятини таъминлаши лозим.
  • Қонунда белгиланган талабларни бажармаган ижтимоий тармоқ мулкдори 37 500 евродан 25 млн еврогача миқдорда жаримага тортилади.

Қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори Летиция Авия мазкур Қонун ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган: “Қонундан мақсад ижтимоий тармоқларда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазо тайинланмаслигига чек қўйишдир”[3].

Сингапурда ҳам ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солиш бўйича алоҳида қонун (Protection from Online Falsehoods and Manipulation Bill) қабул қилинgan. Ушбу Қонун Германия ва Франция тажрибасидан фарқли равишда, давлат ҳокимияти томонидан нотўғри ёки сохта деб топилган ахборотларни ижтимоий тармоқдан олиб ташлаш ёки қайта таҳрирлашни талаб қилади[4].

Австралияда 2019 йил 15 мартда Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги терактдан кейин ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солишга қарор қилинди ва Австралия Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартиришларга кўра, терроризм, қотиллик, қийнаш, зўрлаш, одам ўғирлаш каби мазмундаги ахборотлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалардан олиб ташланиши лозим. Ушбу мажбуриятни бажармаслик ижтимоий тармоқ мулкдорига йиллик даромадининг 10 % миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, юқоридаги мажбуриятни бажармаганлик учун тегишли ижтимоий тармоқ мулкдорининг масъул ходимлари уч йилгача озодлик-дан маҳрум этилиши мумкин[5].

Ижтимоий тармоқларни тартибга солиш сўз эркинлигининг чекланиши эмасми?

Reporters Without Borders, Human Rights Watch ва бошқа халқаро ташкилотлар ижтимоий тармоқлардаги муносабатларни тартибга солишга қарши чиқиб, ноқонуний материал ва постларни олиб ташлашни фикр эркинлигининг чекланиши дея баҳолашган.

Маълумки, ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари журналист ҳисобланмайди ҳамда улар қонунда белгиланган журналист ҳуқуқларига даъво қила олмайди. Фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги сўз эркинлиги ноқонуний маълумотларни тарқатишга ҳаракат қилгандагина чекланади.

Охфорд университети профессори Кейт Ориген фикрига кўра, ижтимоий тармоқни тартибга солиш сўз эркинлиги билан ноқонуний материални тарқатиш ўртасида аниқ чегара ўрнатади[6]. Яъни, ижтимоий тармоқни тартибга солиш орқали фойдаланувчиларнинг сўз эркинлигига зарар етказмаган ҳолатда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатлари муҳофаза қилинади. Мазкур ҳолатда ушбу муносабатларни тартибга солишдан кўзланган асосий мақсад ижтимоий тармоқда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузили-шини олдини олишга қаратилган.

Рамон Ллулл университети профессори Жонатан Вериҳам ўзининг Форбес журналидаги мақоласида таъкидлаганки, ижтимоий тармоқлар фаолиятининг тартибга солинмаслиги ижтимоий поляризацияни келтириб чиқаради[7]. Бу эса сўз эркинлиги ва бошқа конституциявий ҳуқуқ-ларни ҳимоя қилувчи демократик институтларнинг емирилишига сабаб бўлади. Профессор фикрини давом эттириб, кимёвий компания экологик нормаларга риоя қилиши лозим бўлганидек, ижтимоий тармоқ платформалар келтириб чиқарадиган зарар оқибатларини енгиллаш-тириш мақсадида ижтимоий тармоқлар фаолияти тартибга солиниши лозим деб ҳисоблаган.

Ел университети профессори Жек М. Болвин ўз мақоласида ижтимоий тармоқларни ахборот технологиялари асридаги рақамли жамоатчилик деб ҳисоблаб, уларнинг фаолиятини ташкил этишда риоя этилиши лозим бўлган тегишли нормалар мазмунини очиб берган[8]. У ҳақли равишда таъкидлаганки, ижтимоий тармоқларнинг бизнес модели фақат фойда олишни мақсад қилгани сабабли ижтимоий тармоқнинг демократик қадриятларга етказиши мумкин бўлган салбий таъсири компаниялар учун катта аҳамиятга эга эмас. Унинг фикрига кўра, рақамли жамоатчилик давлат ва жамият учун аҳамиятга эга бўлса, назорат қилиниши лозим.

Юқоридаги олимларнинг фикридан кўриниб турибдики, ижтимоий тармоқ компанияларининг фаолиятини тартибга солиш сўз эркинлигининг чекланишига сабаб бўлмайди. Балки бу рақамли жамоатчилик соҳасида қонунийликнинг таъминланишига, инсон ҳуқуқлари, жамият ва давлат манфаатлари муҳофаза қилинишига ёрдам беради. Ижтимоий тармоқ эксперти Д.Унай таъкидлаганидек, ижтимоий ҳаётдаги жиноий табиатга эга қилмиш ижтимоий тармоқ платформасида ҳам жиноят ҳисобланади ҳамда шу сабабли унга мувофиқ тарзда иш тутиш жуда муҳимдир[9].

Хулоса ва таклифлар

Юқоридагилардан ҳамда илғор хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солишга қаратилган қуйидаги ҳуқуқий механизмларни амалиётга жорий этиш таклиф этилади:

1) Ўзбекистонда 1 млндан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган хорижий ижтимоий тармоқ мулкдорларига ўз ваколатхоналарини Ўзбекистон ҳудудида ташкил этиш мажбуриятини юклаш;

2) Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини ташкил этган хорижий ижтимоий тармоқ мулкдорига Ўзбекистонда тарқатилиши тақиқланган ахборотни ижтимоий тармоқ саҳифаларидан зудлик билан олиб ташлаш;

3) ваколатли давлат органининг ижтимоий тармоқ саҳифасидаги Ўзбекистонда тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғриси-даги расмий талабини хорижий ижтимоий тармоқ мулкдори томонидан 48 соат ичида бажариш тартибини жорий этиш;

4) хорижий ижтимоий тармоқ мулкдорининг Ўзбекистондаги вакили ҳар 6 ойда тегишли давлат органига ижтимоий тармоқ саҳифасидан олиб ташланган ёки блокланган ноқонуний ахборотлар тўғрисида ҳисобот бериши тартибини жорий этиш;

5) ваколатли давлат органининг қонуний талабларини ўз вақтида бажармаганлик учун хорижий ижтимоий тармоқ мулкдорининг тегишли мансабдор шахсларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар-ликка тортиш.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда хорижий ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солиниши ижтимоий тармоқда Ўзбекистонда тарқатилиши тақиқланган ахборотлар тарқатилишининг чекланишига, давлат органлари билан хорижий ижтимоий тармоқ мулкдорлари ўрта-сида бевосита ҳамкорликнинг йўлга қўйилишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Библиографические ссылки:
Расулев, Абдулазиз. "Информационная безопасность в условиях пандемии коронавируса." Review of law sciences 2 (2020).
https://www.dw.com/en/germany-reviews-law-on-offensive-social-media-posts/a-52981956.
https://www.nytimes.com/2019/07/01/world/europe/france-bill-to-stop-online-hate-speech.html.
https://www.nytimes.com/2019/05/30/opinion/hate-speech-law-singapore.html.
https://www.nytimes.com/2019/04/03/world/australia/social-media-law.html.
https://researchoutreach.org/articles/hate-speech-regulation-social-media-intractable-contemporary-challenge/.
https://www.forbes.com/sites/esade/2020/02/10/should-social-media-platforms-be-regulated/#772610ad3370.
https://knightcolumbia.org/content/how-to-regulate-and-not-regulate-social-media. https://www.aa.com.tr/en/turkey/new-turkish-bill-to-prevent-crimes-on-social-media-expert/1918768.
Расулев, А.К. Компьютерные преступления: уголовно-правовые и криминологические аспекты / А.К. Расулев. – Ташкент, 2006. – 27 с
Опубликован
2022-01-17
Материал
Просмотров: 0
Как цитировать
Ergashev Zafar Sayfullo o‘g‘li (2022). IJTIMOIY TARMOQLAR FAOLIYATINI TARTIBGA SOLISH: XORIJ TAJRIBASI. Правовые вопросы противодействия мошенничеству и кибер преступлений, 40-45.
Рубрика
Правовые вопросы противодействия мошенничеству и кибер преступлений
Конференция
Страницы
40-45
Лицензия
Copyright (c) 2021 Ergashev Zafar Sayfullo o‘g‘li
creativecommons
Это произведение доступно по
лицензии Creative Commons «Attribution» («Атрибуция») 4.0 Всемирная.
Article on Google Scholar

Поделитесь Этой Историей, Выберите Свою Платформу!

Заголовок